Freedom House ташкилоти 26 феврал куни "Дунё эркинлиги – 2025" ҳисоботини эълон қилди. Ҳисобот дунё давлатларидаги эркинлик индексини ўлчашга қаратилган. Унда Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам қамраб олинган.
Ўзбекистонда вазият қандай?
Ҳисоботга мувофиқ, Ўзбекистондаги эркинлик кўрсаткичи 100 баллдан 12 баллни, сиёсий эркинлик кўрсаткичи 40 баллдан 2 баллни, интернет эркинлиги кўрсаткичи 100 баллдан 27 баллни, фуқаровий эркинликлар кўрсаткичи 60 баллдан 10 баллни ташкил этган.
Айни кўрсаткичлар мамлакатнинг "эркин бўлмаган" давлатлар қаторига киришига асос бўлган.
"Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилда президентлик лавозимига киришганидан бери амалга оширилган ислоҳотлар айрим жабҳаларда ижобий ўзгаришлар ясаган эса-да, Ўзбекистон ҳануз кичик демократиклашув аломатларига эга авторитар давлат бўлиб қолмоқда. Мамлакатда қонуний фаолият олиб борётган ҳеч бир мухолифат партияси йўқ. Қонунчилик ва суд ҳокимияти амалда буйруқлар воситасида ишлайдиган ижро ҳокимиятининг қуроли ўлароқ хизмат қиляпти. Оммавий ахборот воситалари эса аввалгидек расмийлар томонидан қаттиқ назорат остида", дейилади ҳисоботда.
Глобал эркинлик даражаси пасаймоқда
Ҳисоботида айтилишича, сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаролик эркинликлари "2024 йилда бутун дунё бўйлаб кетма-кет 19 йил ҳам пасайган".
"Вазият ёмонлашган. Ҳуқуқ ва эркинликларнинг чекланишига туртки бўлган асосий омилларга зўравонлик ҳамда сайловлар пайтида сиёсий рақибларга бўлган босимлар, хусусан, давом этаётган қуролли можаролар ва авторитар амалиётларнинг тарқалиши киради", дейилади Freedom House ҳисоботида.
Freedom House ҳисоботида дунё аҳолисининг 40 фоизи "эркин бўлмаган" мамлакатларда, яна 40 фоизи "қисман эркин бўлган" мамлакатларда, фақат 20 фоизигина "эркин" мамлакатларда яшаётгани айтилади.
Ҳисоботда Марказий Осиё билан боғлиқ бирон ижобий мужда келтирилмаган. Минтақадаги давлатларнинг ҳеч бирида 2024 йилда эркинлик кўрсаткичи бўйича ўсиш кузатилмаган.
Шу билан бирга, Freedom House Озарбайжон, Тожикистон ва Туркманистонни фуқаролик ҳуқуқлари "энг кўп топталадиган" давлатлар сифатида топган.
Ташкилотга кўра, сўнгги ўн йил ичида Озарбайжон, Тожикистон, Қирғизистон ва Россия эркинлик борасидаги энг катта пасайишни бошдан кечирган.
2024 йилда "ҳукумати ғарб қадриятларини рад этган ва авторитар амалиётларни қабул қилган" Грузия Freedom House ҳисоботида энг катта пасайиш қайд этилган давлатлар қаторига киритилган.
Грузия рейтингининг тушиб кетишига асосий омил сифатида ўтган октабрдаги парламент сайловлари келтирилган. Грузида расмийлари сайлов натижаларини бузиб кўрсатиш учун манипуляция ва фирибгарликдан фойдалангани айтилади.
Жаҳондаги энг эркин мамлакат Финляндия бўлиб чиққан: бу мамлакат 100 баллга эга бўлган. Норвегия, Швеция ва Янги Зеландия 99 балл билан иккинчи ўринга чиққан.
Comments
Leave a Comment